2 Октябр 2022 йил 534

Ижтимоий тармоқларда “Сурхондарё вилояти Узун туманидаги узумзорга афғонистонлик шахс хат-ҳужжатсиз хусусий мулкка зўравонлик билан эгалик қилаётгани айтилаётган видео тарқалди” сарлавҳали видео мурожаат юзасидан расмий муносабат

Мазкур ҳолат ўрганилганда қуйидагилар аниқланди.

Қозоғистон Республикаси фуқароси С.Г.Омид ўзининг “Gold Grapes Exspo” МЧЖ билан Узун туманида яшовчи А.Ўлжаев раҳбарлигидаги “Сурхонзамин узумлари” фермер хўжалиги ўртасида 2022 йил 10 июнь куни қўшма корхона ташкил қилиш бўйича шартнома тузган бўлиб, унга кўра қўшма корхона раҳбари этиб С.Г.Омид, кузатув кенгаши раиси этиб А.Ўлжаевлар номзоди тасдиқланган.

Фермер хўжалигига тегишли бўлган ер олди-сотди масаласи билан боғлиқ фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун Афғонистон фуқароси Ф.М.нинг аризасига асосан фуқаро А.Ўлжаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.

2022 йил 7 сентябрь куни соат 18:00 лар чамасида “Gold Grapes Exspo” МЧЖ қўшма корхона раҳбари Қозоғистон Республикаси фуқароси С.Г.Омид  “Сурхонзамин узумлари” фермер хўжалиги ўртасида тузилган шартнома шартига кўра, мазкур фермер хўжалигига тегишли бўлган Узун тумани “Хатиб Қаҳрамон” маҳалласида жойлашган 5.30 гектар ер майдонида етиштирилган узум ҳосилини йиғиштириш учун борганида, ушбу маҳаллада яшовчи А.Ўлжаевнинг қариндошлари Ф.Ў, Д.Р, Ж.Ч ва маҳалладошлари А.Х, Н.Х, Д.Э.лар унга қаршилик кўрсатиб, енгил тан жароҳати етказиб, безорилик жиноятини содир этганлар.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан фуқаро Ф.Ў. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давомида С.Ў ва Д.Р.ларга нисбатан ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан айб эълон қилиниб, “қамоқ” эхтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Узун тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. 

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech