15 Ноябр 2020 йил 473

РАСМИЙ МУНОСАБАТ: Ижтимоий тармоқларда “3 ноябрь куни Шўрчи туманидаги cпорт мактаби директори…,

Ижтимоий тармоқларда “3 ноябрь куни Шўрчи туманидаги cпорт мактаби директори…, икки безорилар томонидан қаттиқ калтакланган эди, эртаси куни эса, мактаб директорининг шогирдлари устози учун қасос олган, улар устозини калтаклаганлар устидан самосуд қилишган, жанжал юзасидан туман ИИБ иш очган ва бостириб борган йигитларни ҳибсга олган, кафеда самосуд уюштирганлар устидан суд иши олиб борилмоқда.” сарлавҳаси остида тарқалган видео юзасидан.
Ушбу ҳолатга аниқлик киритилганида, фуқаро Э.Ш. 2020 йил 04 ноябрь куни таҳминан соат 16:30 ларда Шўрчи тумани “Хайробод” маҳалласида яшовчи танишлари фуқаролар А.Ж., П.О., Қ.А., Х.С., А.А. ва Х.А., туманнинг “Бунёдкор” маҳалласида яшовчи У.Ж., туманнинг “Жарқишлоқ” маҳалласида яшовчи А.А., туманнинг “Зарбдор” маҳалласида яшовчи М.И., туманнинг “Наврўз” маҳалласида яшовчи Д.Б. ва Б.Н., туманнинг “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Ш.А. лар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлишиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат жойи ҳисобланган туманнинг “Бобур” маҳалласида жойлашган “Асилбек” номли ошхонанинг иккинчи қаватида овқатланиб ўтирган, шу маҳаллада яшовчи А.Ж., туманнинг “Боботоғ” маҳалласида яшовчи А.Х. ҳамда Н.Р. ларнинг олдига боришиб, ўқитувчисига нисбатан қилинган ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлари учун жавоб қайтариш мақсадида, қўлларида бўлган кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган буюмлар билан Ж.А. ни ура бошлашган. Шу вақтда, Ж.А. билан бирга овқатланиб ўтирган Р.Н. ва Х.А. лар уларни ажратмоқчи бўлишганида, Р.Н. ва Х.А. ларни ҳам қасддан уришиб, тан жароҳати етказишганлиги маълум бўлган.
Туман суд тиббий экспертизасининг 2020 йил 05 ноябрь кунидаги дастлабки хулосаларида фуқаро Ж.А. нинг олган тан жарохатлари оғирлик даражаси бўйича “енгил тан жарохати” эканлиги, фуқаро Х.А. нинг олган тан жарохатлари оғирлик даражаси бўйича “соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жарохатлари” эканлиги кўрсатилган.
Жанжал ошхонага ўрнатилган видеокузатув камерасига тушганлиги сабабли, терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу видеокузатув камераси хотирасидаги жанжал тасвирлари ҳолислар иштирокида расмийлаштирилиб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар А.Ж., П.О., Қ.А., Х.С., А.А., Х.А., У.Ж., А.А., М.И., Д.Б., Б.Н. ва Ш.А. ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
2020 йил 07 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди томонидан айбаланувчилар Ж.А., О.П., А.Қ., А.Х., Ж.У., А.Ш., А.А., С.Х., Б.Д. ва Ш.Э. ларга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шу куни қамоққа олинган айбланувчиларнинг ота-оналари Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди биноси ҳовлисига фарзандларини кўриш учун боришган вақтда, айбланувчиларни туман ИИБ ҳодимлари махсус автомашина билан олиб кетаётган вақтга тўғри келган ва айбланувчи А.А. нинг онаси ўғлини ИИБ ҳодимлари олиб кетишаётганлигидан норози бўлиб, “туман ИИБ бошлиғи ишламайди, ҳар куни уриш, жанжал, одамлар ўлаяпти” деб баланд овозда гапирган.
Ҳозирги вақтда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech