28 Ноябр 2020 йил 527

Сурхондарёда 4 та туманда “Хавфсиз ҳудуд” тадбирлари ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг топшириғига асосан, Сурхондарё вилояти ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш борасида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида, вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси, Миллий Гвардия вилоят бошқармаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда жиноят ишлари бўйича суди ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда қўшма қарор ишлаб чиқилди. Унга кўра, вилоятнинг 15 та шаҳар-туманларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан иборат 2 та ишчи гуруҳ тузилиб, амалий ёрдам кўрсатиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳудудларга юборилди.
Ишчи гуруҳ қўшма қарорда белгиланган 11 та йўналиш бўйича Термиз шаҳар ва барча туман ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш, жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш борасида комплекс махсус тезкор-профилактик тадбирлар ўтказди.
Махсус тадбирларни ўтказиш учун ҳудудий ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, тадбир натижаларига кўра тегишли қарорлар қабул қилиш бўйича вилоят ИИБда ҳам тезкор штаб ташкил этилди.
“Хавфсиз ҳудуд” тадбирлари даставвал, жиноятчилик ошган ҳудудларда, хусусан, Термиз, Шеробод, Денов ҳамда Жарқўрғон туманларида 3 кун давомида олиб борилди. Унда асосан, жамоат жойларида спиртли ичимлик ичиш, майда безорилик, паспорт-виза тартиб-қоидаларига риоя этмаслик ва бошқа тоифадаги 6882 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан чора кўрилди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этган ёки жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар, назоратсиз ва қаровсиз ҳолдаги вояга етмаганларни, фоҳишалик билан шуғулланувчи енгил табиатли аёллар ҳам аниқланиб, саралаш гуруҳларига олиб келинган 2703 нафар фуқаро билан профилактик суҳбатлар ҳам олиб борилди.
Вилоят ИИБ тезкор ходимларининг саъй-ҳаракати билан 23 та қидирувдаги шахс ушланган бўлса, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларни очиш жараёнида 376 грамм гиёҳванд модда аниқланишига эришилди.
Тадбирлар жараёнида вилоят ЙҲХБ ходимлари ҳам фаоллик кўрсатишиб, 36 941 та қоидабузарлик аниқлашди ва ҳуқуқбузар ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Кузатувларга кўра, қоидабузарликлар асосан маст ҳолатда ёки тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқариш, светофорнинг қизил чироғига риоя этмаслик каби ҳолатларни ташкил этди.
Бундан ташқари, тадбир давомида профилактик ҳисобга олинган шахслар ва маҳкумлар сони 261 нафарни ташкил этди. Суд томонидан қўйилган тақиқ ва чекловларни бажармаганлиги учун 17 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган ахлоқ тузатиш иши жазоси эса озодликдан чеклаш жазосига алмаштирилди.
Айтиш керакки, узоқ муддат бошқа давлатларда яшаб, пандемия даврида чартер рейслар билан кириб келган, “Сертификат” билан қайтган ёки депортация қилинган, диний экстремистик оқимга мансуб, муқаддам ўта оғир ёки оғир турдаги жиноятлар содир этган шахслар ҳам профилактик тафтишдан ўтказилди. Қолаверса, ўта оғир, оғир ва мулкий турдаги жиноятларни олдини олиш, содир этилганларини изи йўқолмасдан фош этишга қаратилган мақсадли тезкор-қидирув ва профилактик тадбирларининг натижалари биринчи раҳбарлар ҳузурида чуқур таҳлил этилиб, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман мувофиқлаштириш бошқарма бошлиқлари ҳамда бошқа масъуллар фаолиятига баҳо берилди.
Зиммасига юклатилган вазифаларга масъулиятсизлик билан ёндашган, ташкилотчилик, талабчанлик, таҳлилий назорат ишларини бўшаштирган,
тезкор-қидирув ва профилактик натижалари қониқарсиз бўлган масъул раҳбарларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилди.
Эслатиб ўтамиз, “Хавфсиз ҳудуд” тадбирлари ҳали давом этмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech